Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари божхона кўздан кечирувини ҳамда божхона кўригини ўтказиш учун божхона органларига халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини тақдим этади.

Божхона органларига божхона кўздан кечируви ва божхона кўриги учун хатлар, почта карточкалари ва секограммалар тақдим этилмайди, бундан халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида тегишинча божхона ҳудудига олиб кирилиши ёки ушбу ҳудуддан олиб чиқилиши қонунчиликда тақиқланган ёки чекланган товарлар мавжуд деб ҳисоблаш учун божхона органларида етарли асослар мавжудлиги ҳоллари мустасно.

Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилаётганда унинг миқдорида фарқлар, жойланмаларида номувофиқликлар ҳамда божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилишининг бошқа ҳоллари аниқланган тақдирда почта алоқаси операторининг ёки провайдерининг ходими божхона органининг мансабдор шахси билан биргаликда божхона кўриги далолатномасини имзолайди.

(168-модданинг иккинчи ва учинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган товарларнинг божхона кўздан кечируви ёки божхона кўриги ўтказилаётганда божхона органлари божхона назоратининг техник воситаларидан фойдаланади.