Хавфни бошқариш тизимида қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

хавф — божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилмаслиги эҳтимолининг даражаси;

(204-модданинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

аниқланган хавф — божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш содир этилганлигидан ва божхона органлари ушбу ҳолат тўғрисида маълумотга эга эканлигидан далолат берувчи факт;

(204-модданинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

потенциал хавф — аниқланмаган, лекин унинг юзага келиши учун шароитлар мавжуд бўлган хавф;

хавф индикаторлари — олдиндан белгиланган кўрсаткичларга эга муайян мезонлар бўлиб, улардан оғиш ёки уларга мос келиш назорат объектини танлашни амалга ошириш имконини беради;

хавф профили — хавф соҳаси, хавф индикаторлари тўғрисидаги маълумотлар йиғиндиси, шунингдек хавфнинг олдини олиш ёки уни имкон қадар камайтириш бўйича зарур чораларни кўриш тўғрисидаги кўрсатмалар;

хавф соҳаси — хавф таҳлилининг айрим гуруҳларга бўлинган объектлари бўлиб, уларга нисбатан божхона назоратининг алоҳида шакллари ёки мажмуи қўлланилиши, шунингдек уларнинг самарадорлигини ошириш талаб этилади;

хавфни баҳолаш — хавфнинг юзага келиши эҳтимолини ва у юзага келганда божхона тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши оқибатларини мунтазам равишда аниқлаб бориш;

(204-модданинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

яширувчи товарлар — хавф товарлари ўрнига декларацияланиши эҳтимоли етарли даражада бўлган товарлар;

хавф товарлари — хавф аниқланган ёки потенциал хавф мавжуд бўлган божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарлар;

хавф даражаси — хавфнинг юзага келишининг эҳтимолига ва унинг мумкин бўлган оқибатларига боғлиқ тарзда аниқланадиган хавфнинг ҳолати;

хавф таҳлили — божхона органларида мавжуд бўлган ахборотдан хавфнинг юзага келиши ҳолатлари ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни идентификациялаш ва божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилмаслигининг эҳтимол тутилган оқибатларини баҳолаш мақсадида мунтазам равишда фойдаланиш;

(204-модданинг ўн иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

хавфни бошқариш — хавфнинг олдини олиш ва уларни имкон қадар камайтириш, уларнинг қўлланилиш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек божхона операцияларининг бажарилиши устидан назорат қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалда бажаришни, божхона органларида мавжуд бўлган ахборотнинг узлуксиз янгиланишини, таҳлил этилишини ва қайта кўриб чиқилишини назарда тутувчи доимий ишлар.