Ташқи савдо операциялари мониторинги Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари ўртасида тузилган, товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш билан боғлиқ бўлган ва қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ёки чет эл валютасида ўзаро ҳисоб-китоблар қилишни назарда тутувчи контрактларнинг (шартномаларнинг, келишувларнинг) бажарилишини кузатиб бориш ва таҳлил қилиш йўли билан амалга оширилади.
Контрактларнинг (шартномаларнинг, келишувларнинг) бажарилишини мониторинг қилиш жараёнида Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида мавжуд бўлган ахборот божхона юк декларацияси билан солиштирилади, товарларнинг амалдаги миқдори ва сифати бўйича тавсифларининг ҳамда ассортиментининг Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида кўрсатилган маълумотларга мувофиқлиги назорат қилинади, шунингдек контрактларнинг қонунчилик талабларига мувофиқлиги текширилади ҳамда мазкур контрактлар (шартномалар, келишувлар) юзасидан муддати ўтказиб юборилган дебиторлик қарзлар бор-йўқлиги аниқланади.
(243-модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)