Товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда уни шартли чиқариб юбориш декларантнинг ёки божхона брокерининг аризасига кўра божхона органи томонидан амалга оширилади. Бунда божхона органи ушбу бобда белгиланган тартибда товарнинг шартли божхона қийматини мустақил равишда белгилайди.

Товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда уни шартли чиқариб юбориш, агар божхона органи томонидан аниқланган товарнинг божхона қийматига мувофиқ равишда ҳисоблаб чиқарилган божхона тўловлари суммаси декларант ёки божхона брокери томонидан тўланса ёки тўланиши таъминланса, амалга оширилади.

Божхона органи ариза келиб тушган кундан кейинги уч иш куни ичида декларантга ёки божхона брокерига товарнинг шартли божхона қийматининг ва талаб қилинаётган божхона тўловлари тўланишини таъминлаш миқдорлари тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабар қилади.

Божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг амал қилиш муддати товар чиқариб юборилган кундан эътиборан олтмиш календарь кунни ташкил этади.

Декларант ёки божхона брокери томонидан товарнинг божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин божхона қиймати ва тегишли божхона тўловлари товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш шаклини тўлдирган ҳолда қайтадан ҳисоб-китоб қилинади.

Товарнинг божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммаси ушбу модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ белгиланган муддат ўтгач Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади. Бунда товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш ушбу Кодекснинг 266-моддасига мувофиқ амалга оширилиб, у товарнинг божхона қийматига нисбатан узил-кесил қарор ҳисобланади.

(321-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 февралдаги ЎРҚ-748-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2022 й., 03/22/748/0086-сон — 2022 йил 3 майдан кучга киради)