Божхона тўловлари божхона декларацияси қабул қилингунига қадар ёки қабул қилиниши билан бир вақтда тўланади, бундан ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Товарларнинг айрим тоифаларига нисбатан божхона тўловларини тўлаш муддати қуйидагича белгиланади:

қувур транспортида ёки электр узатиш линиялари орқали олиб ўтиладиган товарлар учун — ушбу Кодекснинг 172-моддасига мувофиқ;

шартли чиқариб юборилган товарлардан божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар берилишидан кўзланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда — товарлардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш бўйича чекловларга риоя этилмаган биринчи кун;

божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилаётган товарлар учун — божхона чегараси кесиб ўтилган кун. Агар бу кунни аниқлашнинг имкони бўлмаса, товарларни божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш факти божхона органлари томонидан аниқланган кун божхона тўловларини тўлаш куни ҳисобланади;

божхона ҳудудига вақтинча олиб кирилган товарлар учун — ушбу Кодекснинг 66-моддасига мувофиқ.

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган тақдирда, божхона тўловларини кечиктириб ва бўлиб-бўлиб тўлашга имконият берилган охирги тўлаш куни божхона тўловларини тўлаш муддати ҳисобланади.

Тўланиши божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлмаган божхона йиғимлари божхона органлари томонидан тегишли ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар бажарилгунига қадар ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ божхона ҳудудида тўланади.

(327-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-891-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 03/23/891/0989-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)

Божхона тўловларини тўлаш муддатлари бузилган тақдирда божхона тўловлари ўз вақтида тўланмаганлиги учун ушбу Кодекснинг 349-моддасига мувофиқ пеня ҳисобланади.