Реэкспорт божхона режимига жойлаштириладиган товар божхона божлари ва солиқлар тўлашдан озод этилади.
Илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товар реэкспорт қилинаётганда, товарнинг амалда реэкспорт қилинаётган қисмига нисбатан тўланган божхона божлари ва солиқлар суммаларини қайтариш ушбу Кодекснинг 49-бобида назарда тутилган тартибда, айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда амалга оширилади:
товарнинг реэкспорти уни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш маълум қилинган кундан эътиборан икки йил ичида амалга оширилаётган бўлса;
товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса, бундан товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товарни ишлатиш зарур бўлган ҳоллар мустасно.
(35-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги ЎРҚ-913-сонли Қонунига асосан 2024 йил 28 майдан чиқарилади — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.02.2024 й., 03/24/913/0158-сон)