Тўловчи томонидан эътироз мавжуд бўлган, қўшиб ҳисобланган божхона тўловларини ундириш суднинг божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори асосида амалга оширилади.

Жисмоний шахслардан божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш суд тартибида амалга оширилади, бундан якка тартибдаги тадбиркорлар мустасно.

Тўловчи божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлашни божхона органига ёзма ёки электрон шаклда хабар юбориб, қуйидаги ҳолларда олти ой давомида тенг улушларда амалга оширишга ҳақли:

божхона тўловлари қўшиб ҳисобланганда, агар тўловчи божхона органининг қарорига рози бўлса — божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабнома олинган кундан эътиборан;

тўловчининг ташаббуси билан божхона тўловлари қўшиб ҳисобланганда — товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш шакли расмийлаштирилган кундан эътиборан.

Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, божхона тўловлари тўланмаган товарларга нисбатан ундирувни қаратиш божхона тўловларини тўлаш тўғрисидаги талабномани юбормасдан ёки бундай юборишга қадар амалга оширилиши мумкин.

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни, шунингдек пеняни тўлаш тўловчи томонидан божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварақларида турган дастлабки пул маблағлари ёхуд ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.