Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 23-бобида белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади.
Иш ташлаш ноқонуний деб топилган тақдирда, суд тегишли жавобгарлик масаласини ҳал этиш тўғрисида прокурорга хабар қилади.
Суд иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорнинг ва иш ташлашнинг қонунга мувофиқ эканлигини ҳамда иш ташлаш туфайли ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатлар бузилмаётганлигини аниқласа, арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
Суднинг эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорида эълон қилинган иш ташлашни кечиктириш ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш муддати кўрсатилади ва у эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади.
(23³-боб Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1150-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.06.2026 й., 03/06/1150/0587-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 12 сентябрь)