Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ишни мазмунан кўриб чиқиб, фарзандликка олиш ҳақидаги аризани қаноатлантириш тўғрисида ёхуд уни қаноатлантиришни бутунлай ёки қисман рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради.
Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, суднинг ҳал қилув қарорида фарзандликка олинган боланинг туғилганлигини қайд этиш дафтарига ўзгартиришлар киритиш учун зарур бўлган фарзандликка олинган ва фарзандликка олувчилар (олувчи) ҳақидаги барча маълумотлар кўрсатилади.
Бола битта шахс томонидан фарзандликка олинаётганда унинг энг устун манфаатларини кўзлаб, агар фарзандликка олувчи эркак бўлса, онасининг хоҳишига кўра ёки агар фарзандликка олувчи аёл бўлса, отасининг хоҳишига кўра, шунингдек агар фарзандликка олинаётган боланинг отаси ёки онаси вафот этган бўлса, вафот этган ота ёки она ота-онасининг (буванинг ёки бувининг) илтимосига кўра суднинг фарзандликка олиш тўғрисидаги қарорида фарзандликка олинган боланинг отаси ёки онаси билан ёхуд вафот этган отасининг ёки онасининг қариндошлари билан ҳуқуқий муносабатлари сақланиб қолиши кўрсатиб ўтилади.
(303-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 1 июлдаги ЎРҚ-1156-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.07.2026 й., 03/26/1156/0670-сон)
Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, фарзандликка олувчилар (олувчи) ва фарзандликка олинаётган боланинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари фарзандликка олинган боланинг туғилганлигини қайд этиш дафтарига зарур ўзгартишлар киритилган кундан эътиборан белгиланади.
Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан уч кун ичида ушбу ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхасини тегишли васийлик ва ҳомийлик органига ҳамда фарзандликка олинаётган боланинг туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юбориши шарт.
(303-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-1174-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2026 й., 03/26/1174/0920-сон)