Апелляция инстанцияси суди апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни қуйидаги ҳолларда тугатади, агар:

1) апелляция шикояти (протести) ушбу Кодексга мувофиқ шикоят қилинмайдиган (протест келтирилмайдиган) суд ҳужжати устидан берилган ва у иш юритишга хатога йўл қўйилиб қабул қилинган бўлса;

2) апелляция шикояти (протести) апелляция тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган ва у иш юритишга хатога йўл қўйилиб қабул қилинган бўлса;

3) апелляция шикояти (протести) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

4) апелляция шикоятидан воз кечиш тўғрисидаги ариза апелляция шикоятини берган шахсдан апелляция шикояти иш юритишга қабул қилинганидан кейин келиб тушган бўлса;

5) протестни чақириб олиш тўғрисидаги ариза протест келтирган прокурордан ёки юқори турувчи прокурордан апелляция протести иш юритишга қабул қилинганидан кейин келиб тушган бўлса;

6) ишда тараф бўлган юридик шахс апелляция шикояти (протести) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар тугатилган бўлса;

7) ишда тараф бўлган фуқаро апелляция шикояти (протести) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар вафот этса, низоли ҳуқуқий муносабат эса ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.

Апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унда суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир шахснинг айни шу асослар бўйича апелляция шикояти (протести) билан судга такроран мурожаат қилишига йўл қўйилмайди.

(389¹ — 389⁵-моддалар Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-887-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2023 й., 03/23/887/0972-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)