Судда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш лаёқати вояга етган фуқаролар ва ташкилотларга тегишлидир.
Вояга етмаган, яъни ёши ўн тўртдан ўн саккизгача бўлган фуқароларнинг, шунингдек муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийлар томонидан ҳимоя қилинади. Аммо бу ҳол вояга етмаганларни ва муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларни бундай ишларда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Ота-оналардан алимент ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича, шунингдек меҳнат билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлардан ва олинган иш ҳақини ёки бошқа даромадни тасарруф этиш билан боғлиқ битимлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича вояга етмаганлар судда ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бундай ишларда вояга етмаганларга ёрдам бериш учун уларнинг ота-оналарини, уларни фарзандликка олганларни ёки ҳомийларни жалб қилиш тўғрисидаги масала суд томонидан ҳал қилинади.
(42-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 мартдаги ЎРҚ-608-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.03.2020 й., 03/20/608/0278-сон)
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола фойдасига ота-онадан ёки уларнинг биридан ундирилиши белгиланган алимент миқдорини камайтириш бўйича ишларда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари жалб этилади.
(42-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-1174-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2026 й., 03/26/1174/0920-сон)
Ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс қонунчиликда белгиланган тартибда муомалага тўла лаёқатли деб эълон қилинган (эмансипация) тақдирда, судда ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини шахсан амалга ошириши мумкин.
(42-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўн тўрт ёшга тўлмаган кичик ёшдаги болаларнинг, шунингдек руҳий ҳолати бузилганлиги туфайли муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари — ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ёки васийлар ҳимоя қилади.