Суд қуйидаги ҳолларда даъво аризасини кўрмасдан қолдиради, агар:

1) фуқаролик ишлари бўйича суд, иқтисодий суд, ҳакамлик суди, арбитраж суди иш юритувида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;

(107-модданинг биринчи банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 16 майдаги ЎРҚ-769-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.05.2022 й., 03/22/769/0421-сон)

2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ушбу низони ҳакамлик судига ёки арбитражга кўриш учун топшириш тўғрисидаги келишуви мавжуд бўлиб, ҳакамлик судига ёки арбитражга мурожаат қилиш имконияти бой берилмаган бўлса ва, агар ишнинг иқтисодий судда кўрилишига қарши бўлган жавобгар ўзининг низонинг мазмуни бўйича биринчи аризасидан кечиктирмай низони ҳакамлик судининг ёки арбитражнинг ҳал қилувига ўтказиш тўғрисида илтимоснома берса;

(107-модданинг иккинчи банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 16 майдаги ЎРҚ-769-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.05.2022 й., 03/22/769/0421-сон)

3) даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

4) қонунчиликка ёки шартномага кўра қарз банк ёки бошқа кредит ташкилоти орқали ундириб олиниши керак бўлишига қарамай, даъвогар жавобгардан қарзини ундириб олиш учун банкка ёхуд бошқа кредит ташкилотига мурожаат этмаган бўлса;

(107-модданинг 4-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

5) даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса;

5¹) даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

5²) медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ҳақида илтимоснома билан арз қилган тарафлар уни амалга ошириш муддати тугаганидан сўнг суд мажлисига узрли сабабларсиз келмаса;

5³) тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса;

(107-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартдаги ЎРҚ-531-сонли Қонунига асосан 5¹, 5² ва 5³-бандлар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.03.2019 й., 03/19/531/2799-сон)

6) даъвогар биринчи суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса;

7) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза кўрилаётганда ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққанлиги аниқланса;

8) даъвогарнинг манфаатларини кўзлаб прокурор, давлат органи ва бошқа шахс томонидан тақдим этилган даъводан даъвогар воз кечган бўлса;

9) жавобгарга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса ва жавобгарга нисбатан тақдим этилган талаб қонунга кўра тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш доирасида кўрилиши лозим бўлса.

(107-модданинг 9-банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 февралдаги ЎРҚ-911-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.02.2024 й., 03/24/911/0142-сон)