Умрбод озодликдан маҳрум қилинган битта маҳкумга тўғри келадиган яшаш майдони нормаси тўрт квадрат метрдан кам бўлиши мумкин эмас.
Умрбод озодликдан маҳрум қилиниб, жазони қаттиқ сақлаш шароитларида ўтаётган маҳкумлар ўз шахсий ҳисобварағида мавжуд бўлган маблағлардан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизигача бўлган суммага ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш, йил мобайнида бир марта қисқа муддатли учрашув, бир марта телефон орқали сўзлашув, битта посилка ёки йўқлов, битта бандерол олиш ҳуқуқига эга.
(137-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Умрбод озодликдан маҳрум қилиниб, жазони одатдаги сақлаш шароитларида ўтаётган маҳкумлар ўз шахсий ҳисобварағида мавжуд бўлган маблағлардан қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизигача миқдордаги суммага ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш, йил мобайнида бир марта узоқ муддатли ва бир марта қисқа муддатли учрашув, икки марта телефон орқали сўзлашув, иккита посилка ёки йўқлов, иккита бандерол олиш ҳуқуқига эга.
(137-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Умрбод озодликдан маҳрум қилиниб, жазони енгиллаштирилган сақлаш шароитларида ўтаётган маҳкумлар ўз шахсий ҳисобварағида мавжуд бўлган маблағлардан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 52,7 фоизигача миқдордаги суммага ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш, йил мобайнида бир марта узоқ муддатли ва икки марта қисқа муддатли учрашув, уч марта телефон орқали сўзлашув, учта посилка ёки йўқлов, учта бандерол олиш ҳуқуқига эга.
(137-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар, сақлаш шароитларидан қатъи назар, ҳар куни бир ярим соатгача сайр қилиш ҳуқуқига эга.