Озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташ тартиби ва шартлари маҳкум томонидан бузилганлиги учун пробация бўлинмаси унга нисбатан огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазо чорасини қўллайди.
(44⁴-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 августдаги ЎРҚ-938-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.08.2024 й., 03/24/938/0591-сон)
Маҳкум озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, пробация бўлинмаси судга маҳкум учун озодликни чеклашнинг ўталмаган муддатини жазонинг бошқа турига алмаштириш ҳақида тақдимнома киритади.
(44⁴-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 августдаги ЎРҚ-938-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.08.2024 й., 03/24/938/0591-сон)
Қуйидагилар озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товловчилар деб эътироф этилади:
а) ўзига нисбатан суд томонидан белгиланган тақиқларни (чеклашларни) бузишга йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида огоҳлантириш тарзида интизомий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида жазони ўташ тартиби ва шартларини бузишга йўл қўйган маҳкум;
б) ўзига нисбатан техник назорат воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузган маҳкум;
в) яшаш жойидан яширинган, қаерда эканлиги уч суткадан ортиқ вақт ичида аниқланмаган маҳкум;
г) яшаш жойидаги пробация бўлинмасига белгиланган муддатдан уч суткадан ортиқ вақт мобайнида келмаган маҳкум.
(44⁴-модда учинчи қисмининг «г» банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 августдаги ЎРҚ-938-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.08.2024 й., 03/24/938/0591-сон)