Терговга қадар текширув қуйидагилар томонидан амалга оширилади:

1) ички ишлар органлари;

2) ҳарбий қисмлар, қўшилмаларнинг командирлари, ҳарбий муассасалар ва ҳарбий ўқув юртларининг бошлиқлари — уларга бўйсунувчи ҳарбий хизматчилар, шунингдек ўқув машқлари ўтказилаётган вақтда ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган жиноятларга доир ишлар бўйича; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ходимларининг хизмат мажбуриятини бажариш билан боғлиқ жиноятлари ёки қисм, қўшилма, муассаса ёхуд ўқув юрти жойлашган ерда содир этган жиноятларига доир ишлар бўйича;

3) давлат хавфсизлик хизмати органлари — қонунга кўра уларнинг юритишига берилган ишлар бўйича;

(39¹-модда биринчи қисмининг 3-банди Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 18 февралдаги ЎРҚ-522-сонли Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 й., 2-сон, 47-модда)

4) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш тизимини бошқариш органларининг бошлиқлари, жазони ижро этиш колониялари, тарбия колониялари, тергов ҳибсхоналари ҳамда турмаларнинг бошлиқлари — шу муассасалар ходимлари хизматни ўташнинг белгиланган тартибига қарши қилган жиноятларга доир ишлар, худди шунингдек мазкур муассасалар ҳудудида содир этилган бошқа жиноятларга доир ишлар бўйича;

5) давлат ёнғиндан назорат қилиш органлари — ёнғинларга доир ва ёнғинга қарши қоидаларни бузганликка доир ишлар бўйича;

6) Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари — Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини бузганликка доир ишлар бўйича;

(39¹-модда биринчи қисмининг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-974-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.10.2024 й., 03/24/974/0804-сон)

7) олис сафарда бўлган денгиз кемаларининг капитанлари;

8) давлат божхона хизмати органлари — божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузганликка доир ишлар бўйича;

(39¹-модда биринчи қисмининг 8-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

9) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари — уларнинг юритувига тааллуқли ишлар бўйича;

(39¹-модда биринчи қисмининг 9-банди Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-1131-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 03/26/1131/0377-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 19 июль)

10) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг жойлардаги бўлинмалари — вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни, ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлашга, суд ҳужжатини ижро этмасликка, суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига аралашишга, банд солинган мол-мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этишга доир ишлар бўйича;

(39¹-модда биринчи қисмининг 10-банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-762-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.04.2022 й., 03/22/762/0290-сон)

11) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари — бозорлар, савдо комплекслари ҳудудларида ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида аниқланган молиявий-иқтисодий ва солиқ соҳаларидаги ҳуқуқбузарликларга доир ишлар бўйича.

(39¹-модда биринчи қисмининг 12-банди Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 12 ноябрдаги ЎРҚ-583-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.11.2019 й., 03/19/583/4016-сон)

13) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва унинг жойлардаги бўлинмалари — қонун билан уларнинг иш юритишига берилган ишлар бўйича.

(39¹-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 8 июлдаги ЎРҚ-548-сонли Қонунига асосан ўн учинчи банд билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.07.2019 й., 03/19/548/3395-сон)

14) Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати — унинг юритувига тааллуқли ишлар бўйича.

(39¹-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 5 сентябрдаги ЎРҚ-564-сонли Қонунига асосан ўн тўртинчи банд билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.09.2019 й., 03/19/564/3690-сон)

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар зиммасига зарур чоралар кўриш вазифаси, шу жумладан жиноят аломатларини ва жиноят содир этган шахсларни топиш, ушбу Кодекснинг қоидаларига мувофиқ текшириб чиқилганидан сўнг жиноят иши юзасидан далил тариқасида фойдаланиш мумкин бўлган маълумотларни аниқлаш мақсадида илмий-техника воситаларидан фойдаланган ҳолда, зарур чоралар кўриш вазифаси юклатилади. Ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, давлат божхона хизмати органлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва уларнинг жойлардаги бўлинмалари шу мақсадда тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишга ҳақли.

(39¹-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 5 сентябрдаги ЎРҚ-564-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.09.2019 й., 03/19/564/3690-сон)

Тезкор-қидирув фаолиятини ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади.

(39¹-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 сентябрдаги ЎРҚ-442-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 36-сон, 943-модда)