Шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, —

уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

(116-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 мартдаги ЎРҚ-421-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 13-сон, 194-модда)

Қонун ёки махсус қоидаларга мувофиқ касалга ёрдам кўрсатиши шарт бўлган шахснинг узрли сабабсиз шундай ёрдам кўрсатмаганлиги баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

(116-модда иккинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар эҳтиётсизлик орқасида одам ўлишига сабаб бўлса, —

икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(116-модда учинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 мартдаги ЎРҚ-421-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 13-сон, 194-модда)

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар эҳтиётсизлик орқасида:

а) одамлар ўлимига;

б) бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, —

беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.