Номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш, —

беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Номусга тегиш:

а) икки ёки бир неча шахсга нисбатан;

б) такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ушбу Кодекснинг 119, 121, 128 ва (ёки) 129-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан;

г) ўлдириш билан қўрқитиб;

д) ногиронлик белгисига эга эканлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, —

саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Номусга тегиш:

а) ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан;

б) яқин қариндошга, собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёхуд умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан;

в) жабрланувчини тарбиялаш, ўқитиш ва (ёки) унга ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини бажараётган шахс томонидан, шунингдек жабрланувчига қараб туриш мажбуриятлари қонун билан зиммасига юклатилган таълим, тарбия, даволаш ёки бошқа муассасанинг ходими томонидан;

г) оммавий тартибсизликлар иштирокчиси томонидан;

д) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;

е) оғир оқибатларга олиб келган бўлса, —

ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш, —

ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(118-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-829-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.04.2023 й., 03/23/829/0208-сон)