Жиноятлар ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра: ижтимоий хавфи катта бўлмаган; унча оғир бўлмаган; оғир; ўта оғир жиноятларга бўлинади.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.
Унча оғир бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан ортиқ, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.
(15-модданинг иккинчи ва учинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 254-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 165-модда)
Оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.
Ўта оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёхуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.
(15-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 11 июлдаги ЎРҚ-99-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 6-сон, 248-модда)