Корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда валюта операцияларини амалга оширувчи ходимлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг ваколат берилган банклари ҳисобига ўтказилиши лозим бўлган чет эл валютасининг қасддан яшириб қолиниши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(178-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)

Ўша қилмиш:

а) ғаразгўйлик билан;

б) такроран;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, —

беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(178-модда иккинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 254-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 165-модда)

Ўша қилмиш уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —

саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(178-модда учинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 254-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 165-модда)

Ушбу модданинг биринчи қисмида, иккинчи қисмининг «а» ва «в» бандларида назарда тутилган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда яширилган чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасининг ваколат берилган банклари ҳисобига ихтиёрий равишда ўтказилишини таъминлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

(178-модда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-418-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 1-модда)