Жиноятга тайёргарлик кўрилаётганлиги, жиноят содир этилаётганлиги ёки жиноят содир этилганлиги ҳақида аниқ била туриб, олдиндан ваъда бермаган ҳолда, ҳокимият органларига хабар қилмаслик, ушбу Кодекснинг 155¹ва 241-моддаларида назарда тутилган ҳоллардагина жавобгарликка сабаб бўлади.
(31-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олдиндан ваъда бермаган ҳолда яширганлик ушбу Кодекснинг 241-моддасида назарда тутилган ҳоллардагина жавобгарликка сабаб бўлади.
Олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноят ҳақида хабар бермаганлик ёки жиноятни яширганлик учун гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг яқин қариндошлари жавобгарликка тортилмайди.