Анча миқдор — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдор.
(саккизинчи бўлимнинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Анча миқдордаги зарар — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдордаги зарар.
(саккизинчи бўлимнинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Бошқа ҳуқуқий таъсир чораси — жазо ҳисобланмайдиган, лекин ушбу Кодексда назарда тутилган чора (вояга етмаган шахсларга нисбатан қўлланиладиган мажбурлов чоралари, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари).
Валюта операциялари — валюта қимматликларига бўлган мулк ҳуқуқининг ва бошқа ҳуқуқларнинг ўтиши билан боғлиқ операциялар, валюта қимматликларидан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш, валюта қимматликларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, жўнатиш ва ўтказиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш, жўнатиш ва ўтказиш, резидентлар ва норезидентлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси валютасидаги операциялар.
(саккизинчи бўлимнинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-1138-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2026 й., 03/26/1138/0397-сон)
Валюта қимматликлари — ушбу Кодексда назарда тутилган валюта қимматликларига чет эл валютаси, номинали чет эл валютасида ифодаланган қимматли қоғозлар ва тўлов ҳужжатлари, норезидентлар томонидан чиқарилган, номиналга эга бўлмаган қимматли қоғозлар киради.
(саккизинчи бўлимнинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-1138-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2026 й., 03/26/1138/0397-сон)
Гиёвандлик воситалари — гиёвандлик воситалари рўйхатларига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар, таркибида гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган препаратлар ва ўсимликлар
(саккизинчи бўлимнинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 октябрдаги ЎРҚ-503-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.10.2018 й., 03/18/503/2080-сон)
Гиёҳвандлик воситаларининг ва психотроп моддаларнинг аналоглари — кимёвий тузилиши ва хоссаларига кўра гиёҳвандлик воситаларига ва психотроп моддаларга ўхшаш бўлган, улар сингари руҳиятга фаол таъсир этадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар
(саккизинчи бўлимнинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1151/0589-сон)
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлишдаги кўп миқдор — тегишли давлат органи томонидан белгиланади.
(саккизинчи бўлимнинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1151/0589-сон)
Гиёҳвандлик воситаларидан, психотроп моддалардан ёки уларнинг аналогларидан қонунга хилоф равишда фойдаланишдаги озгинадан кўпроқ миқдор — тегишли давлат органининг хулосасига мувофиқ белгиланади.
Гиёҳвандлик воситаларидан, психотроп моддалардан ёки уларнинг аналогларидан қонунга хилоф равишда фойдаланишдаги озгинадан кўпроқ миқдор
(саккизинчи бўлимнинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1151/0589-сон)
(саккизинчи бўлимнинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 22 октябрдаги ЎРҚ-980-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.10.2024 й., 03/24/980/0840-сон)
Давлат сири — ошкор этилиши республика ҳарбий иқтисодий салоҳиятининг сифат ҳолатига салбий таъсир этиши ёки Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги, иқтисодий ва сиёсий манфаатлари учун бошқа оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган маълумотлар.
Давлат сирлари — давлат томонидан қўриқланадиган ва махсус рўйхатлар билан чеклаб қўйилган ўта муҳим, мутлақ махфий ва махфий ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва бошқа маълумотлардир. Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари: давлат, ҳарбий ва хизмат сирига бўлинади.
Жуда кўп зарар — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдордаги зарар.
(саккизинчи бўлимнинг ўн иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Жуда кўп миқдор — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдор.
(саккизинчи бўлимнинг ўн учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулот — тарихий, илмий, бадиий қимматга ёки ўзга маданий қимматга эга бўлмаган, зўравонлик ёки шафқатсизлик содир этишга ундайдиган материаллар ва нарсалар
(саккизинчи бўлимнинг ўн тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон)
Катта экин майдони — 1000 квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган экин майдони
Кўп бўлмаган зарар — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлган миқдордаги зарар.
(саккизинчи бўлимнинг ўн бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Кўп миқдор — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдор.
(саккизинчи бўлимнинг ўн олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Кўп миқдордаги зарар — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдордаги зарар.
(саккизинчи бўлимнинг ўн еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Кўпчилик учун хавфли усул — ўт қўйиш, портлатиш, сув бостириш ва одамлар халок бўлиши ёки кўп миқдорда зарар етказиш хавфини туғдирадиган бошқа усуллар.
Мансабдор шахс — доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс, худди шунингдек халқаро ташкилотда ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс.
(саккизинчи бўлимнинг ўн тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
(саккизинчи бўлимнинг йигирманчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
Одамлардан фойдаланиш — бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланиш ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шакллари, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олиш.
(саккизинчи бўлим Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 16 сентябрдаги ЎРҚ-179-сонли Қонуни асосида атама билан тўлдирилди — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 37-38-сон, 366-модда)
Олдиндан аён бўлиш — қонунда баён этилган хулқ-атвор ва шарт-шароитларга муносабат ва бу муносабатнинг шахс улардан хабардорлигидан далолат бериши.
Олдиндан тил бириктириш — жиноят иштирокчилари ўртасида жиноят содир этиш ёки жиноий фаолият билан шуғулланиш тўғрисида бундай ҳаракатларни амалга оширишдан аввал келишиб олиш.
Прекурсорлар — прекурсорлар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини тайёрлаш учун фойдаланиладиган моддалар
(саккизинчи бўлимнинг йигирма бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1151/0589-сон)
Порахўрлик — пора олиш, пора бериш ёки бу жиноятларда воситачилик қилиш.
Порнографик маҳсулот — порнографик асар, шунингдек бадиий қимматга эга бўлмаган ва илмий, тиббий ёки ўқув мақсадлари учун мўлжалланмаган, одам жинсий аъзоларининг ёки одам томонидан ҳақиқатда содир этилаётган ёки шунга ўхшатилган ёхуд компьютер технологиялари ёрдамида яратилган жинсий алоқанинг тавсифини ёки фото-, видео тасвирини ёки бошқа тасвирини ўз ичига олган материаллар ва нарсалар
(саккизинчи бўлимнинг йигирма еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-658-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.12.2020 й., 03/20/658/1670-сон)
Психотроп моддалар — психотроп моддалар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар
(саккизинчи бўлимнинг йигирма саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 октябрдаги ЎРҚ-503-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.10.2018 й., 03/18/503/2080-сон)
Радиоактив материаллар — қурилмада ёки буюм таркибида ҳар қандай физик ҳолатда ёинки бошқа кўринишда турган ион нурлари тарқатувчи манбалар, радиоактив моддалар ёки ядро материаллари.
(саккизинчи бўлим Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонунига асосан атама билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Тамом бўлган жиноят — муайян жиноят таркибининг барча зарур аломатларини ўз ичига оладиган ижтимоий хавфли қилмиш.
Тамом бўлмаган жиноят — шахсга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ёки жиноят қилишдан ихтиёрий равишда қайтиш туфайли охирига етказилмай қолган жиноят.
Фуқаролиги бўлмаган шахс — бирон-бир давлатнинг фуқароси юридик мақомига эга бўлмаган жисмоний шахс.
(саккизинчи бўлимнинг 28, 29, 30-хатбошилари Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни билан чиқариб ташланган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Хизмат сири — ошкор қилиниши Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган фан, техника, ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳаларига доир маълумотлар.
Хизматчи — давлат органида, тижорат, нотижорат ташкилотида меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи, мансабдор шахс аломатларига эга бўлмаган шахс.
(саккизинчи бўлим Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонунига асосан атама билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
Хўжалик юритувчи субъект — мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар.
Чет эл валютаси — муомаладаги ҳамда чет давлат (чет давлатлар гуруҳлари) ҳудудида нақд тўловнинг қонуний воситаси бўлган пул белгилари, шунингдек муомаладан чиқарилаётган ёки муомаладан чиқарилган, аммо алмаштирилиши лозим бўлган пул белгилари, чет давлатларнинг (чет давлатлар гуруҳларининг) пул бирликларида ҳамда халқаро пул бирликларида ёки ҳисоб-китоб бирликларида банк ҳисобварақларида ва омонатларида турган маблағлар.
(саккизинчи бўлимнинг ўттиз олтинчи олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-1138-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2026 й., 03/26/1138/0397-сон)
Чет эл фуқароси — бирон бир чет эл давлат фуқаросининг юридик мақомига эга бўлган шахс.
Яқин қариндошлар — қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари.
(саккизинчи бўлимнинг ўттиз олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Ўзбекистон Республикаси фуқароси — қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароси юридик мақомига эга бўлган шахс.
Ўртача катталикдаги экин майдони — 250 квадрат метрдан 1000 квадрат метргача бўлган экин майдони.
Қилмиш — ҳаракат ёки ҳаракатсизлик.
Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйин — ўйин ташкилотчиси (ўйин муассасаси) томонидан бир ёки ундан ортиқ иштирокчилар билан тасодифга (воқеага) ва (ёки) ўйин иштирокчисининг қобилияти, эпчиллиги ва бошқа сифатларига боғлиқ ютуқ тўғрисида тузилган, таваккалчиликка асосланган битимга мувофиқ ўйин ташкилотчилари ва иштирокчиларининг хатти-ҳаракатлари мажмуини назарда тутувчи ўйин, шу жумладан тотализаторлар, казино, шунингдек ўйин автоматларидан фойдаланиладиган ўйин.
(саккизинчи бўлим Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-109-сонли Қонуни асосида атама билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 37-38-сон, 377-модда)
Ғаразгўйлик ниятлари — содир қилинган жиноятдан моддий ёки бошқача мулкий йўсиндаги фойда олиш ёхуд моддий харажатлардан қутилишга интилишда ифодаланган ният.
Ҳаракат — шахснинг ижтимоий хавфли, онгли ва фаол хулқ-атвори.
Ҳаракатсизлик — шахснинг норматив ҳужжатларда бажариши шарт қилиб белгиланган муайян ҳаракатларни бажармасликда ифодаланган ижтимоий хавфли, онгли ва суст хулқ-атвори.
Ҳарбий жиноятлар — ҳарбий хизматчилар, шунингдек ҳарбий машқни ўташ даврида ҳарбий хизматга мажбур шахслар томонидан ҳарбий хизматни ўташнинг белгиланган тартибига қарши қилинган жиноятлар.
Ҳарбий сир — ошкор қилиниши Ўзбекистон Республикаси мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги ва Қуролли Кучлари учун оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳарбий йўсиндаги маълумотлар.
Ҳокимият вакили — давлатнинг бирон-бир ҳокимият органининг номидан иш кўриб, муайян вазифаларни доимий ёки вақтинча амалга оширувчи ва ўз ваколатлари доирасида кўпчилик ёхуд барча фуқаро ёки мансабдор шахслар учун мажбурий бўлган ҳаракатларни содир этиш ёки фармойишлар бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс.
Ҳужжат — ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган факт ва воқеаларни тасдиқловчи, лозим даражада тузилган ва зарурий реквизитлари (штамп, имзо, муҳр, сана, тартиб рақами) мавжуд бўлган ёзма ҳужжат.
Кучли таъсир қилувчи моддалар билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлишдаги ёки таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузишдаги кўп миқдор — тегишли давлат органи томонидан белгиланади.
(саккизинчи бўлим Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 25 августдаги ЎРҚ-711-сонли Қонунига асосан атама билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.08.2021 й., 03/21/711/0825-сон)
Тижорат мақсади — жисмоний ёки юридик шахслар томонидан муайян фаолиятда фойда ёки даромад олишга қаратилган мақсад.
(саккизинчи бўлим Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 13 мартдаги ЎРҚ-822-сонли Қонунига асосан атама билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.03.2023 й., 03/23/822/0143-сон — 2023 йил 15 июндан кучга киради)
Крипто-актив — маълумотларнинг тақсимланган реестридаги рақамли ёзувлар йиғиндисини ифодалайдиган, қиймати ва эгасига эга бўлган мулкий ҳуқуқ.
Майнинг — ҳисоблаш операцияларини амалга ошириш орқали маълумотларнинг тақсимланган реестрини сақлаш, блокларни яратиш ва уларнинг яхлитлигини тасдиқлаш фаолияти.
(саккизинчи бўлим Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 январдаги ЎРҚ-899-сонли Қонунига асосан атамалар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.01.2024 й., 03/24/899/0048-сон — 2024 йил 20 апрелдан кучга киради)
Қимматбаҳо металлар — ушбу Кодексда назарда тутилган қимматбаҳо металларга ҳар қандай кўриниш ва ҳолатдаги, шу жумладан ёмби ва аффинаж қилинган ҳолатдаги, шунингдек хом ашёдаги, қотишмалардаги, хомаки маҳсулотлардаги, саноат маҳсулотларидаги, кимёвий бирикмалардаги, ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол парчаларидаги ва чиқиндиларидаги олтин, кумуш, платина ҳамда платина гуруҳига кирувчи металлар (палладий, иридий, родий, рутений ва осмий) киради, бундан шундай металлардан ясалган заргарлик ва бошқа рўзғор буюмлари, уларнинг резгилари мустасно.
Қимматбаҳо тошлар — ушбу Кодексда назарда тутилган қимматбаҳо тошларга табиий олмослар, ёқутлар, зумрадлар, сапфирлар, александритлар, хом (табиий) ва ишлов берилган тарздаги табиий марварид киради, бундан шундай тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа рўзғор буюмлари ҳамда уларнинг резгилари мустасно.
(саккизинчи бўлим Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-1138-сонли Қонунига асосан атамалар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2026 й., 03/26/1138/0397-сон)
Ғайриқонуний нарколаборатория — гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни, шунингдек гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки қайта ишлаш учун махсус ташкил этилган, бунинг учун зарур бўлган кимёвий моддалар, асбоб-ускуналар ва техник воситалар билан жиҳозланган ҳар қандай кўчар ёки кўчмас мулк объекти.
(саккизинчи бўлим Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сонли Қонунига асосан атама билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1151/0589-сон)
Коррупцияга оид жиноятлар — — 1) ушбу Кодекс 167-моддаси учинчи қисмининг «д» бандида, 168-моддаси тўртинчи қисмининг «г» бандида, 192⁹, 192¹⁰-моддаларида, 192¹¹-моддаси иккинчи қисмининг «в» бандида, 205-моддаси иккинчи қисмининг «в» бандида, 206-моддаси иккинчи қисмининг «в» бандида, 208-моддасининг иккинчи қисмида, 209-моддаси иккинчи қисмининг «в» бандида, 210, 211, 212, 213, 214, 214¹, 214²-моддаларида ва 301-моддаси иккинчи қисмининг «б» бандида назарда тутилган жиноятлар;2) ушбу Кодекснинг 243-моддасида назарда тутилган жиноят, агар мазкур жиноят коррупцияга оид жиноятларни содир этиш натижасида олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса.
(саккизинчи бўлим Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1155-сонли Қонунига асосан атама билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 03/26/1155/0616-сон)