Суд маъмурий жазо чорасини қўллаётганда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда сабаблар ва асосларни албатта кўрсатиб, ушбу Кодекснинг Махсус қисмидаги моддаларнинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо ёки ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа янада енгил жазо чорасини қўллаши мумкин. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи бошқа орган (мансабдор шахс) жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда, енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун ишни ушбу Кодекснинг 308¹-моддасида белгиланган тартибда судга юборади.
(33-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 29 январдаги ЎРҚ-463-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.01.2018 й., 03/18/463/0634-сон — 2018 йил 1 апрелдан кучга киради)