Суднинг ҳал қилув қарори кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Ҳал қилув қарорининг кириш қисмида ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи; суд таркиби, суд мажлиси котиби; иш рақами, ҳал қилув қарори қабул қилинган сана ва жой; талаб предмети; ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек уларнинг вакиллари ва суд процессининг бошқа иштирокчилари кўрсатилади.

Ҳал қилув қарорининг баён қисмида ишда иштирок этувчи шахсларнинг арз қилинган талаблари ва эътирозлари, тушунтиришлари, аризалари ва илтимосномаларининг қисқача баёни бўлиши керак.

Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида:

ишнинг суд томонидан аниқланган ҳақиқий ҳолатлари;

суднинг иш ҳолатлари тўғрисидаги хулосалари асосланган далиллар;

суднинг у ёки бу далилларни рад қилганлигининг, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важларини қабул қилганлигининг ёки рад этганлигининг асослари;

ҳал қилув қарорини қабул қилишда суд амал қилган қонунчилик ҳужжатлари ҳамда суд ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қонунчилик ҳужжатларини қўлламаганлигининг асослари кўрсатилиши керак.

(158-модда тўртинчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорларига ҳаволалар кўрсатилиши мумкин.

Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида арз қилинган талаблардан ҳар бирини тўлиқ ёки қисман қаноатлантириш ҳақидаги ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги хулосалар бўлиши керак.

Зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилган тақдирда, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ундирилиши лозим бўлган сумма кўрсатилади.

(158-модда Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги ЎРҚ-833-сонли Қонунига асосан еттинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.04.2023 й., 03/23/833/0236-сон)

Агар суд ҳал қилув қарорини ижро этиш тартибини белгилаган ёки унинг ижросини таъминлаш чораларини қабул қилган бўлса, бу ҳақда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида кўрсатилади.

Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суд харажатларини ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида тақсимлаш, ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) муддати ва тартиби кўрсатилади.