Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текшируви Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, шунингдек бошқа давлат органлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(534-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон)
Ушбу Кодекснинг, шунингдек бошқа қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни прокуратура органлари ўз ваколатлари доирасида «Прокуратура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширади.
Фаолиятнинг айрим соҳаларида ишларни бехатар олиб бориш талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текшируви (давлат энергетика назорати, давлат санитария-эпидемиология назорати, саноат, ядровий ҳамда радиациявий хавфсизлик талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва ҳоказолар) ваколатли давлат органлари томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
Тасарруфидаги ташкилотларда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши устидан идоравий назорат қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда шартларда давлат органлари томонидан амалга оширилади.