Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.

Маҳаллий Кенгашлар сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тасдиқланади.

Номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми сайлов бюллетенига унинг туғилган йили ва уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партия кўрсатилган ҳолда алифбо тартибида киритилади.

(31-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 31 майдаги ЎРҚ-691-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.05.2021 й., 03/21/691/0508-сон)

Сайлов бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисидаги тушунтириш бўлиши керак.

Сайлов бюллетенлари давлат тилида, шунингдек округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан тегишли округ аҳолисининг кўпчилиги сўзлашадиган тилларда нашр этилади.

Сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкин.

(31-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)