Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, шунингдек, агар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида битта номзод иштирок этган бўлса ва у зарур миқдорда овоз тўплай олмаган бўлса, Марказий сайлов комиссияси такрорий сайлов тайинлайди. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
(60-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 6 майдаги ЎРҚ-838-сонли Конституциявий Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.05.2023 й., 03/23/838/0257-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг такрорий сайлови ҳам ушбу Кодексда асосий сайловни ўтказиш учун белгиланган айни тартибда ва айни шартларга риоя этган ҳолда ўтказилади. Бунда округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятида сайлов тўғрисидаги қонунчилик бузилиши аниқланган тақдирда, Марказий сайлов комиссияси сайлов янги таркибдаги округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун тузилган ўша сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг ўша рўйхатлари бўйича ўтказилади.
(60-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг такрорий сайлови асосий сайлов ўтказилганидан кейин қирқ кун ичида ўтказилади.
Қонунчилик палатаси депутатларининг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг такрорий сайлови қуйидаги ҳолларда ўтказилади:
агар сайлов округи бўйича сайлов ўтмаган ёхуд ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;
агар такрорий овоз бериш сайланган депутатни аниқлаш имконини бермаган бўлса;
агар сайлов округи бўйича кўпи билан икки номзод қўйилган бўлса ва улардан ҳеч бири сайланмаган бўлса.
Қонунчилик палатаси депутатларининг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг такрорий сайлови тегишли сайлов комиссиясининг топшириғига биноан округ сайлов комиссияси томонидан ўтказилади. Бунда округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятида сайлов тўғрисидаги қонунчилик бузилиши аниқланган тақдирда, тегишли сайлов комиссияси такрорий сайлов янги таркибдаги округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун тузилган ўша сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг ўша рўйхатлари бўйича ўтказилади.
(60-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қонунчилик палатаси депутатларининг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг такрорий сайлови асосий сайловдан кейин кечи билан бир ойлик муддат ичида ўтказилади. Сайлов комиссияларини тузиш, номзодларни рўйхатга олиш ва бошқа тадбирлар ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
(60-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 6 майдаги ЎРҚ-838-сонли Конституциявий Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.05.2023 й., 03/23/838/0257-сон)