Округ бўйича сайлов натижалари фақат участка сайлов комиссияларининг тақдим этилган баённомалари асосида аниқланади. Округ сайлов комиссияси:
округ бўйича сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг умумий сонини;
сайлов бюллетенларини олган сайловчилар сонини;
овоз беришда иштирок этган сайловчилар сонини;
ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини;
ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди.
Участка сайлов комиссиясининг баённомасида акс эттирилган, овозларни санаб чиқиш чоғида номувофиқликлар аниқланган тақдирда, округ сайлов комиссияси ўз мажлисида участка комиссиясига ушбу номувофиқликларни бартараф этишни таклиф қилишга ҳақли.
Округ бўйича сайлов натижалари округ сайлов комиссиясининг мажлисида аниқланади ва баённомага киритилади. Баённома комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби, бошқа аъзолари томонидан имзоланади ҳамда тегишли сайлов комиссиясига тақдим этилади. Мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун дарҳол округ сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга осиб қўйилади.
(95-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 31 майдаги ЎРҚ-691-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.05.2021 й., 03/21/691/0508-сон)
Халқ депутатлари туман, шаҳар (бундан Тошкент шаҳри мустасно) Кенгашларига округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш ушбу моддада белгиланган тартибда туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади.
(95-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонунига асосан учинчи ва тўртинчи қисмлар билан алмаштирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)