Аҳоли пункти бош режасининг жамоатчилик муҳокамасини ўтказишнинг ушбу Кодекснинг 38-моддасида белгиланган тартиби бузилишлари аниқланганда, жамоатчилик назорати субъектлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ шикоят беришга ҳақли.

Жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш тартиби бузилганлиги тўғрисидаги шикоят маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан асосли деб топилган тақдирда такрорий муҳокама ўтказилади.

Аҳоли пунктларининг бош режаларини тасдиқлаш тўғрисида жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш тартиби бузилган ҳолда қабул қилинган қарор устидан судга шикоят берилиши мумкин.