Ортиқча ундирилган солиқ суммаларини ҳисобга олиш ёки қайтариш тўғрисида солиқ органига ариза солиқ тўловчи томонидан ундан солиқ ортиқча ундирилгани факти ўзига маълум бўлган кундан ёки суд қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан уч йил ичида берилиши мумкин.
(105-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-891-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 03/23/891/0989-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)
Ортиқча ундирилган солиқ суммаси солиқ тўловчига ушбу Кодекснинг 103-моддаси қоидалари инобатга олинган ҳолда, унинг ёзма аризасига кўра, бундай ариза солиқ органи томонидан қабул қилинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, Тадбиркорлик субъектларининг юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига эса (бундан давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно) унга ҳисобланган фоизлар билан бирга уч кун ичида (бундан қўшилган қиймат солиғи мустасно) қайтарилиши лозим.
(105-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 15 ноябрдаги ЎРҚ-1000-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.11.2024 й., 03/24/1000/0928-сон)
Ортиқча ундирилган солиқ суммасига фоизлар солиқ тўловчи ундан солиқ ортиқча ундирилгани факти ўзига маълум бўлган кундан ёки суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан ўттиз кун ичида мурожаат этган тақдирда ҳисобланади. Фоизлар ундирилган кундан кейинги кундан эътиборан ҳақиқий ҳисобга олинган (қайтарилган) кунга қадар ҳисобланади. Ҳисобланган фоизлар тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади. Фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг шу кунлардаги амал қилаётган қайта молиялаштириш ставкасига тенг этиб қабул қилинади.
Агар солиқ ортиқча ундирилгани факти аниқланган бўлса, солиқ органи ортиқча ундирилган солиқ суммасини, шунингдек ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган тартибда ортиқча ундирилган суммага ҳисобланган фоизларни ҳисобга олиш ва (ёки) қайтариш тўғрисида қарор қабул қилади.
Ортиқча ундирилган солиқ суммасини солиқ тўловчининг солиқ қарзини узиш ҳисобидан ёки ўша солиқ тури бўйича ёхуд ушбу Кодекс 103-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобидан ҳисобга олиш ушбу Кодекс 104-моддасининг биринчи — бешинчи қисмларида ортиқча тўланган солиқ суммаларини ҳисобга олиш учун белгиланган тартибда солиқ органлари томонидан амалга оширилади. Бунда бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлар учун ҳисобга олиш солиқ тўловчининг ёзма ёки электрон тарздаги аризасига кўра солиқ органлари томонидан уч кун ичида амалга оширилади.
(105-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 26 июндаги ЎРҚ-1071-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.06.2025 й., 03/25/1071/0545-сон)
Ортиқча ундирилган солиқни қайтариш тартиби ушбу Кодекснинг 104-моддасида ортиқча тўланган солиқ суммаларини қайтариш учун белгиланган тартибга айнан ўхшашдир.
Жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида аниқланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ортиқча тўланган (ушлаб қолинган) суммаси солиқ тўловчи бўлган жисмоний шахсга, унинг солиқ ҳисобида турган жойидан қатъи назар, унинг солиқ органига тақдим этган аризаси асосида қайтарилади.
(105-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонунига асосан еттинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 03/21/741/1219-сон)
Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича ортиқча ундирилган фойда солиғи суммалари шу консолидациялашган гуруҳнинг масъул иштирокчисига ушбу моддада белгиланган тартибда ҳисобга олиниши ёки қайтарилиши лозим.
Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини тузиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиши тугатилган тақдирда ушбу консолидациялашган гуруҳ бўйича мавжуд бўлган солиқ қарзи ҳисобига ҳисобга олиниши лозим бўлмаган ва (ёки) ҳисобга олинмаган солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғининг ортиқча ундирилган суммалари солиқ тўловчилар ушбу консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси бўлган юридик шахсга унинг ёзма аризаси асосида ҳисобга олиниши ёки қайтарилиши лозим.