Агар солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан эътиборан ёки мазкур ҳуқуқбузарлик содир этилган солиқ даври тугаганидан кейинги кундан эътиборан ва жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор чиқарилган пайтга қадар уч йил (ўтиш муддати) ўтган бўлса, шахс солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

(217-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-891-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 03/23/891/0989-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)

Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан эътиборан муддатнинг ўтишини ҳисоблаб чиқариш барча солиққа оид ҳуқуқбузарликларга нисбатан қўлланилади, ушбу Кодекснинг 223 ва 224-моддаларида назарда тутилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно.

Муддатнинг ўтишини тегишли солиқ даври тугаганидан кейинги кундан эътиборан ҳисоблаб чиқариш ушбу Кодекснинг 223 ва 224-моддаларида назарда тутилган солиққа оид ҳуқуқбузарликларга нисбатан қўлланилади.

Агар солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилаётган шахс солиқ текширувини ўтказишга фаол қаршилик кўрсатган бўлса ва ушбу солиқ текширувини ўтказиш ҳамда бюджет тизимига тўланиши лозим бўлган солиқ суммаларини солиқ органлари томонидан аниқлаш учун бартараф этиб бўлмайдиган тўсиққа айланган бўлса, жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиши тўхтатилади.

Жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиши ушбу Кодекс 144-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган далолатнома тузилган кундан эътиборан тўхтатилган деб ҳисобланади. Мазкур ҳолатда жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиши сайёр солиқ текширувини ўтказишга тўсқинлик қилувчи ҳолатларнинг амал қилиши тугаган ва муддат ўтишини тиклаш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан эътиборан қайта тикланади.