Мол-мулк молиявий ижарага (лизингга) берилган тақдирда, ижарага берувчининг (лизингга берувчининг) солиқ базаси барча даврий ижара (лизинг) тўловлари суммаси (шу жумладан, қайтариб сотиб олиш суммаси, агар шартномада шундай сумма назарда тутилган бўлса) сифатида, ижарага берувчининг (лизингга берувчининг) фоиз ҳисобидаги даромади чегириб ташланган ва солиқ ҳисобга олинмаган ҳолда аниқланади.
Ижарага олувчи (лизингга олувчи) томонидан молиявий ижара (лизинг) шартномасининг шартлари бажарилмаганлиги сабабли молиявий ижара (лизинг) объекти қайтарилган тақдирда, солиқ базаси ижарага олувчи (лизингга олувчи) томонидан объект қайтарилган санада бундай объект учун ўзи тўламаган ижара (лизинг) тўловларининг суммаси миқдорида фоиз ҳисобидаги харажат чегириб ташланган ва солиқ ҳисобга олинмаган ҳолда аниқланади.
Ушбу Кодекснинг 246-моддасига мувофиқ солиқ солишдан озод этилган, олиб кирилган технологик асбоб-ускуналар молиявий ижарага (лизингга) берилганда солиқ базаси мазкур асбоб-ускуналарни сотиб олиш нархи ва реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиқиб аниқланади.