Қуйидагилар жами даромад таркибига киритилмайди:

1) Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига ва давлат пул мукофотларига сазовор бўлган солиқ тўловчи олган бир йўла бериладиган давлат пул мукофоти ёки шунга тенг баҳодаги эсдалик совғаларининг қиймати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида бир йўла бериладиган пул мукофоти, совғалар ва бюджет субсидиялари;

(369-модда биринчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-1013-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2024 й., 03/24/1013/1066-сон)

2) донорлик учун пул мукофотлари, шунингдек тиббиёт муассасаларининг ходимлари томонидан қон олганлик учун олинадиган суммалар;

3) олинган алиментлар;

4) фуқаролар томонидан олинадиган суғурта товони суммалари;

5) қонунчиликда белгиланган миқдорларда ва тартибда тўланадиган стипендиялар;

(369-модда биринчи қисмининг 5-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

6) қонунчиликка мувофиқ уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ҳар ойлик компенсация пул тўловлари;

(369-модда биринчи қисмининг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

7) давлат пенсиялари, қонун ҳужжатларида белгиланган нафақалар, бундан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси (оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш бўйича нафақа) мустасно;

(369-модда биринчи қисмининг 7-банди Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 9 ноябрдаги ЎРҚ-646-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.11.2020 й., 03/20/646/1488-сон — 2020 йил 1 апрелдан эътиборан юзага келган муносабатларга ҳам татбиқ этилади.)

8) мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадаллари, улар бўйича фоизли даромадлар, шунингдек жамғариб бориладиган пенсия тўловлари.

9) ўқувчилар ва талабаларнинг Ўзбекистон Республикаси профессионал ва олий таълим ташкилотлари ҳудудида пулли ўқув курсларини, спорт тўгаракларини ташкил этишдан ва бошқа таълим хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлари;

(369-модда биринчи қисмининг 9-банди Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)

10) Ўзбекистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар томонидан чиқарилган халқаро облигациялар бўйича даромадлар;

11) эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши натижасида мулкдорларга ер участкасига бўлган ҳуқуқ ҳамда ушбу ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари учун тўланган компенсация суммаси;

(369-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-1131-сонли Қонунига асосан 11-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 03/26/1131/0377-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 19 июль)

(Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонунига асосан 369-модда иккинчи қисмининг чиқарилиш санаси 2026 йил 1 январь — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон)

Солиқ агентларининг ушбу Кодекснинг 386-моддасида назарда тутилган жисмоний шахс фойдасига амалга оширадиган қуйидаги харажатларига солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайди:

1) меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда банд бўлган ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда сут, даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган шўр сув, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминлаш бўйича харажатлари;

(369-модда иккинчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

2) касаба уюшмаси қўмитаси томонидан амалга ошириладиган тўловлар, шу жумладан аъзолик бадаллари ҳисобидан касаба уюшмаси аъзоларига бериладиган моддий ёрдам, бундан касаба уюшмаси қўмитасининг ходимларига меҳнат вазифаларини бажарганлик учун бериладиган пул мукофотлари ва бошқа тўловлар мустасно;

3) фавқулодда ҳолатлар муносабати билан етказилган зарарлар суммаси доирасида бериладиган моддий ёрдам суммалари;

4) ходимларни иш жойига олиб бориш ва олиб қайтиш бўйича харажатлари;

5) диний расм-русумлар ва маросимларни, байрам тантаналарини ўтказиш, вакиллик харажатлари, шаҳар йўловчилар транспортида ходимларнинг хизмат қатновлари учун фойдаланиладиган йўл карточкаларини олиш, шунингдек юридик шахснинг ходимларнинг меҳнат ва дам олиш шароитларини таъминлаш билан боғлиқ ҳамда муайян жисмоний шахсларнинг даромади ҳисобланмайдиган бошқа харажатлари;

6) ходимга хизмат вазифаларини бажариш учун зарур бўлган махсус кийим-бош, махсус пойабзал, формали кийим-бош бериш харажатлари ёки уларни пасайтирилган баҳоларда сотиш муносабати билан қилинган харажатлар, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда айрим тоифадаги ходимларни ўз хизмат вазифаларини бажариши чоғида озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича харажатлар;

(369-модда иккинчи қисмининг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

7) ходим бошқа жойга ишга ўтказилганда ёхуд кўчиб борганда кўчиш, мол-мулкини кўчириб боришга, жой ижарасига (йўл харажатлари учун бериладиган пул) оид харажатларни тўлаш ёки бу харажатларнинг ўрнини қоплаш харажатлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан аниқланадиган олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан бакалавриатни ёки магистратурани тамомлагандан сўнг уч йил ичида ишга қабул қилинган ходимларга, шунингдек мазкур олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган оилавий шифокорлик пунктларига ва оилавий поликлиникаларга ҳамда таълим муассасаларига ишга қабул қилинган, бошқа ҳудудларда яшайдиган олий маълумотли шифокорларга ва мутахассисларга тўланадиган бошланғич ёрдам пули;

(369-модда иккинчи қисмининг 7-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-714-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.09.2021 й., 03/21/714/0874-сон — 2021 йил 1 июндан эътиборан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади)

8) хизмат сафарларига оид қуйидаги компенсация тўловлари:

тасдиқловчи ҳужжатлар асосида хизмат сафари жойига бориш ва у ердан қайтиб келиш учун, шу жумладан жой банд қилиш учун ҳақ тўлашни қўшган ҳолда ҳақиқатда амалга оширилган тўловлар. Йўл ҳужжатлари бўлмаган тақдирда, темир йўл транспортидаги (агар темир йўл қатнови бўлмаса, шаҳарлараро автобусдаги) йўл ҳақи қиймати миқдорида, лекин авиачипта қийматининг 30 фоизидан ошмайдиган миқдорда;

уй-жойни ижарага олиш бўйича ҳақиқатда амалга оширилган тўловлар. Яшаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда, қонунчиликда белгиланган нормалар доирасида;

(369-модда иккинчи қисми 8-бандининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

тасдиқловчи ҳужжатлар асосида уй-жойни банд қилиш учун тўловлар;

қонунчиликда белгиланган нормалар доирасида хизмат сафарида бўлинган вақт учун тўланадиган кундалик харажатлар учун ҳақ (суткалик пуллар);

(369-модда иккинчи қисми 8-бандининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

қонунчиликда белгиланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа тўловлар;

(369-модда иккинчи қисми 8-бандининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

9) қонунчиликда назарда тутилган нормалар доирасида ходимга тўланадиган компенсация тўловлари (компенсациялар):

(369-модда иккинчи қисми 9-бандининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

доимий иши йўлда кечадиган, ҳаракатланиш ва (ёки) қатнов тусига эга бўлган, шунингдек вахта усулида ишларни бажаришда ходимга компенсация тўловлари (компенсациялар);

хизмат ишларида шахсий автомобилдан фойдаланганлик учун компенсация тўловлари (компенсациялар), бундан хизмат сафарлари мустасно;

дала таъминоти;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан аниқланадиган олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан бакалавриатни ёки магистратурани тамомлагандан сўнг уч йил ичида ишга қабул қилинган ходимларга, шунингдек мазкур олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган оилавий шифокорлик пунктларига ва оилавий поликлиникаларга ҳамда таълим муассасаларига ишга қабул қилинган, бошқа ҳудудда яшайдиган олий маълумотли шифокорларга ва мутахассисларга уй-жой ижараси учун ҳар ойлик пул компенсацияси;

(369-модда иккинчи қисмининг 9-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-714-сонли Қонунига асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.09.2021 й., 03/21/714/0874-сон — 2021 йил 1 июндан эътиборан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади)

қонунчиликда назарда тутилган тартибда ва нормалар бўйича бошқа компенсация тўловлари (компенсациялар), бундан ушбу Кодекснинг 373 ва 377-моддаларида кўрсатилганлари мустасно;

(369-модда иккинчи қисми 9-бандининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

10) меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича қуйидаги миқдордаги тўловлар:

жабрланувчи меҳнатда майиб бўлгунига қадар олган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобидаги, унинг касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига мувофиқ белгиланадиган ҳар ойлик тўловлар (вояга етмаган шахс меҳнатда майиб бўлиб қолган тақдирда, зарарнинг ўрни унинг иш ҳақи (даромади) миқдоридан келиб чиққан ҳолда, лекин қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,76 бараваридан кам бўлмаган миқдорда қопланади);

(369-модда иккинчи қисми 10-бандининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

махсус тиббий парваришга муҳтож жабрланувчиларга қўшимча харажатлар учун ойига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 70,3 фоизи миқдоридаги тўловлар;

жабрланувчининг маиший парвариши учун қўшимча харажатлар тариқасида ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 17,6 фоизи миқдоридаги тўловлар;

ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги муносабати билан иш берувчи томонидан бир йўла тўланадиган нафақа тариқасида жабрланувчининг йиллик ўртача иш ҳақи миқдоридаги тўловлар;

11) боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан қуйидаги миқдордаги тўловлар:

марҳумнинг ўртача иш ҳақининг вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга тўғри келадиган улуши миқдоридаги тўловлар;

боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган шахсларга бир йўла тўланадиган нафақа тариқасида марҳумнинг ўртача йиллик иш ҳақининг олти баравари миқдоридаги тўловлар;

12) ўқувчилар ва талабаларнинг таълим олиши учун Ўзбекистон Республикасининг профессионал ва олий таълим ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пулли-контракт асосида ўтказиладиган маблағлар;

(369-модда иккинчи қисмининг 12-банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 26 июлдаги ЎРҚ-785-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.07.2022 й., 03/22/785/0679-сон)

12¹) нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг ва мактабларнинг, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг ва мактабларнинг қонунчиликда белгиланган нормалар доирасида ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг истеъдодли ва иқтидорли фарзандларини, шунингдек махсус контингентдаги тарбияланувчиларнинг муайян сонини бепул ўқитиш билан боғлиқ харажатлари;

(369-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 26 июлдаги ЎРҚ-785-сонли Қонунига асосан 12¹-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.07.2022 й., 03/22/785/0679-сон)

13) ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш харажатлари.

14) солиқ тўловчининг мижозларнинг товарлар ва хизматларни сотиб олиш фаоллигини оширишга қаратилган ва бонуслар (баллар, мижозни ушбу ташкилотлардан товарлар (хизматлар) сотиб олиш фаоллигини белгиловчи бошқа бирликлар) ҳисобланишини назарда тутувчи дастурларда иштироки натижасида ушбу дастурда белгиланган асослар бўйича олинган пул ва натура шаклидаги даромадлари. Даромадлар солиқ тўловчининг жами даромадига қуйидаги ҳолларда қўшилади:

солиқ тўловчининг ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган дастурларда иштирок этиши очиқ оферта шартларисиз амалга оширилганда;

солиқ тўловчи ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган мамлакатимиздаги ва чет эл ташкилотларининг дастурларига, уларда акцепт муддати ўттиз кундан кам ва (ёки) уларда оммавий офертани муддатидан олдин чақириб олиш имконияти назарда тутилган шартлар асосидаги очиқ офертага қўшилганда;

ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган ташкилотчи билан лавозим мажбуриятларини бажаришда меҳнат муносабатларида бўлган, шунингдек солиқ тўловчи томонидан товарлар етказиб берганлик (ишлар бажарганлик, хизматлар кўрсатганлик) учун ҳақ (мукофот) ёки моддий ёрдам сифатидаги тўлов шаклидаги даромад тўланганда.

15) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари, хайрия, экология жамғармалари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан ташкил этилган бошқа жамғармалар томонидан кўрсатилган ёрдам:

Уставда назарда тутилган фаолият доирасида бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар;

даволаш ва тиббий хизматлар қиймати, ногиронлиги бўлган шахсларни профилактика ва реабилитация қилиш учун техник асбоб-ускуналар олиш;

(369-модда иккинчи қисми 15-бандининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 17 майдаги ЎРҚ-770-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.05.2022 й., 03/22/770/0424-сон)

жисмоний шахснинг манфаатларини кўзлаб, товарлар ва хизматларни етказиб берувчидан олиш;

хайрия мақсадида бошқа шаклларда қўллаб-қувватлаш (бундан пул шаклида қўллаб-қувватлаш мустасно).

(369-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 9 ноябрдаги ЎРҚ-646-сонли Қонунига асосан 15-банд билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.11.2020 й., 03/20/646/1488-сон — 2020 йил 1 апрелдан эътиборан юзага келган муносабатларга ҳам татбиқ этилади.)

16) солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланадиган дастурларда иштирок этиши натижасида олинган бонуслар, пул мукофотлари тарзидаги пул тўловларидан иборат даромадлари.

(369-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-714-сонли Қонунига асосан 16-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.09.2021 й., 03/21/714/0874-сон — 2021 йил 1 июндан эътиборан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади)