Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилар (бундан буён ушбу бўлимда солиқ тўловчилар деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сувдан бирламчи фойдаланишни ёки сувни истеъмол қилишни амалга оширувчи қуйидаги шахслардан иборат:

Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари;

фаолиятини Ўзбекистон Республикасида доимий муассасалари орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар;

сувдан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек тадбиркорлик фаолияти ва (ёки) даромад олиш учун мўлжалланган, яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектларига эга бўлган жисмоний шахслар;

деҳқон хўжаликлари, шунингдек қишлоқ хўжалиги ерларига эга бўлган жисмоний шахслар.

(441-модда биринчи қисмининг тўртинчи ва бешинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-812-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.12.2022 й., 03/22/812/1145-сон — 2023 йил 1 январдан кучга киради)

Аҳоли пунктларининг сув таъминоти учун сув етказиб беришни амалга оширувчи юридик шахслар фақат ўз эҳтиёжлари учун фойдаланадиган сув учун солиқни тўловчилар деб эътироф этилади.