Махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига киритилган инвестициялар ҳажмига қараб, мол-мулк солиғидан ва ер солиғидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланган муддатга озод қилиш тарзида солиқ имтиёзлари берилади.

(473-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)

Махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари фойда солиғини тўлашдан ўзи киритган инвестициялар ҳажмига қараб:

3 миллион АҚШ долларидан 5 миллион АҚШ долларигача бўлган миқдордаги инвестициялар учун — 3 йил муддатга;

5 миллион АҚШ долларидан 15 миллион АҚШ долларигача бўлган миқдордаги инвестициялар учун — 5 йил муддатга;

15 миллион АҚШ доллари ва ундан юқори миқдордаги инвестициялар учун — 10 йил муддатга озод этилади.

(473-модда Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 12 июлдаги ЎРҚ-783-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.07.2022 й., 03/22/783/0620-сон)

2026 йил 1 апрелдан эътиборан махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини олган солиқ тўловчиларга нисбатан фойда солиғи бўйича имтиёз ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган, киритилган инвестициялар ҳажмига қараб белгиланадиган муддатга амортизация қилинадиган асосий воситаларни тезлаштирилган амортизация қилиш ҳуқуқи тарзида қўлланилади.

(473-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)

Ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган солиқ имтиёзлари фақат инвестор (инвесторлар) ва Махсус иқтисодий зона дирекцияси ўртасида тузилган Махсус иқтисодий зона ҳудудига инвестиция киритиш тўғрисидаги битимда назарда тутилган махсус иқтисодий зона иштирокчисининг фаолияти турларига нисбатан татбиқ этилади.

(473-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)

Махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари қўшилган қиймат солиғи ва бошқа солиқлар бўйича имтиёзлардан ушбу Кодексга мувофиқ фойдаланиладилар.