Солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари солиқ органларига солиқ ҳисоботини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни, агар ушбу Кодексда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ушбу ҳисобот тақдим этилган йилдан кейин камида уч йил сақлаши шарт.

(84-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-891-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 03/23/891/0989-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)

Агар солиқ тўғрисидаги қонунчилик солиқ ставкасини қўллашни, тўланадиган солиқ миқдорини, солиқ имтиёзини ёки солиқ чегирмасини қўллашни ва (ёки) солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришни солиқ тўловчининг муайян шартларга риоя этиши билан боғласа, ушбу солиқ тўловчи барча тасдиқловчи ҳужжатларни мазкур шартларнинг амал қилиши тугайдиган йилдан кейин камида уч йил сақлаши керак. Бундай тасдиқловчи ҳужжатлар жумласига, хусусан, ушбу солиқ бўйича солиқ ҳисоботи, унга илова қилинадиган ҳужжатлар, шунингдек кўрсатилган шартларга ёки мажбуриятларга риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар киради. Ушбу қисмнинг қоидалари, агар кўрсатилган шартлар ёки мажбуриятлар вақтинчалик тусга эга бўлса ва уларга риоя этилишини ҳужжатлар билан тасдиқлашни талаб қилса, қўлланилади.

(84-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-891-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 03/23/891/0989-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)