Солиқ мажбурияти, агар ушбу модданинг иккинчи — тўртинчи қисмларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, қуйидаги ҳолларда тугатилади:

солиқ тўловчи томонидан солиқ тўланганда ёки солиқ агенти томонидан ўтказиб берилганда;

солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ солиқ мажбуриятини тугатиш билан боғлиқ бошқа ҳолатлар юзага келганда.

(87-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Жисмоний шахснинг солиқ мажбурияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

мазкур шахс вафот этганда;

уни вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирганда.

Вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинган жисмоний шахснинг солиқ қарзи ушбу Кодекснинг 94-моддасида белгиланган тартибда мерос мол-мулкнинг қиймати доирасида меросхўрлардан ундирилади.

Юридик шахснинг солиқ мажбурияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

ушбу Кодекснинг 91-моддасига мувофиқ, бюджет тизими билан барча ҳисоб-китоблар амалга оширилгандан кейин у тугатилганда;

ушбу Кодекснинг 92-моддасига мувофиқ, бюджет тизими билан барча ҳисоб-китоблар амалга оширилгандан кейин у қайта ташкил этилганда.