Қуйидаги органлар солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатига эга органлардир (бундан буён ушбу моддада ваколатли органлар деб юритилади):

1) ушбу Кодекс 17-моддаси биринчи қисмининг 1 — 5-бандларида кўрсатилган солиқлар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (бундан ушбу қисмнинг 3-бандида ва ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно). Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ушбу Кодекснинг 17-моддасида кўрсатилган солиқларни, шунингдек айланмадан олинадиган солиқни ушбу бобда назарда тутилган тартибда мол-мулкни гаровга бермаган ҳолда, кафилликсиз ёки банк кафолатисиз бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишга (бундан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ, тўлов манбаида олинадиган фойда солиғи ҳамда солиқ агенти сифатида тўланадиган қўшилган қиймат солиғи мустасно) ҳам ҳақли;

(99-модда биринчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 октябрдаги ЎРҚ-722-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2021 й., 03/21/722/0960-сон)

2) ушбу Кодекс 17-моддаси биринчи қисмининг 6 — 8-бандларида кўрсатилган солиқлар ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари. Бундай солиқларга нисбатан тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти икки йилгача муддатга берилиши мумкин;

3) Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқлар бўйича — божхона тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда божхона органлари (бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно).

(99-модда биринчи қисмининг 3-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси солиқ тўловчига ушбу Кодекснинг 17-моддасида кўрсатилган ҳар қандай солиқ бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини уч йилгача муддатга беришга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришда ушбу Кодекс 98-моддасининг биринчи қисмида белгиланган чекловлардан четга чиқишга ҳақли.