Ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори қуйидагиларни бажариши шарт:
1) ер участкасидан рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига мувофиқ оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқаришнинг табиатни муҳофаза қилувчи технологияларини қўллаш, ўз хўжалик фаолияти натижасида ҳудудда экологик вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик;
(40-модда биринчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 5 майдаги ЎРҚ-1061-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.05.2025 й., 03/25/1061/0409-сон)
1¹) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларида мақбул экинлар экилишини ёки тут кўчатлари ўтқазилишини таъминлаш;
1²) асосий экинларнинг ривожланишига салбий таъсири бўлмаган ҳолларда боғлар ва токзорларнинг қатор ораларига даромад келтириши мумкин бўлган мақбул экинлар экилишини таъминлаш;
(40-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 17 июлдаги ЎРҚ-936-сонли Қонунига асосан 1¹ ва 1²-бандлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.07.2024 й., 03/24/936/0522-сон)
2) ишлаб турган ирригация ва мелиорация тармоқлари, муҳандислик коммуникацияларини соз ҳолатда сақлаб туриш;
3) ерларни муҳофаза қилишга оид, ушбу Кодекснинг 79-моддасида назарда тутилган туркум тадбирларни амалга ошириш;
4) ер солиғини ёки ер учун ижара ҳақини ўз вақтида тўлаш;
5) бошқа ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқларини бузмаслик;
6) фойдали қазилма конларини ишлатиш, қурилиш ва бошқа ишларни амалга ошириш учун берилган қишлоқ хўжалик ерлари ва ўрмонзорларни уларга эҳтиёж қолмаганидан кейин ўз ҳисобидан қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ёки балиқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқли ҳолатга, мазкур ишлар бошқа ерларда амалга оширилган ҳолларда эса, рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турларига мувофиқ фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш;
(40-модда биринчи қисмининг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 5 майдаги ЎРҚ-1061-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.05.2025 й., 03/25/1061/0409-сон)
7) фойдали қазилма конларини ишлатиш чоғида, шунингдек бошқа ишларни амалга ошириш пайтида ўзларига эгалик қилишга ва фойдаланишга ҳамда мулк этиб берилган (реализация қилинган) ер участкалари ҳудудидан ташқаридаги қишлоқ хўжалик экинзорлари, ўрмонзорлар ва бошқа ерларга салбий таъсир кўрсатишнинг олдини олиш ёки уни мумкин қадар чеклаш чора-тадбирларини амалга ошириш;
8) маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ердан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш;
(40-модда биринчи қисмининг 8-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
9) бошқа ер эгаларига, ердан фойдаланувчиларга, ер участкаларининг ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарарни белгиланган тартибда қоплаш.
10) ер участкасига бўлган ҳуқуқлар мажбурий тартибда бекор қилинган тақдирда, ер тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қонунчиликда белгиланган тартибда қоплаш;
(40-модда биринчи қисмининг 10-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
11) ерларни ўзбошимчалик билан эгаллашга ва (ёки) ўзбошимчалик билан қилинган қурилишга йўл қўймаслик, шунингдек ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасидаги қонунга хилоф қурилишни тўхтатиб туриш бўйича чоралар кўриш.
(40-модда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 июлдаги ЎРҚ-487-сонли Қонунига асосан 10 ва 11-бандлар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.07.2018 й., 03/18/487/1569-сон)
Қонунчиликка мувофиқ ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари ва мулкдорлари бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлишлари мумкин.
(40-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)