Ташқи савдо сиёсати амалга оширилаётганда илгари тўланган божхона божини қайтариш, божхона божи ставкасини пасайтириш ва божхона божини тўлашдан озод этиш тарзида тариф имтиёзлари берилишига йўл қўйилади.
Божхона божидан озод этиш тарзидаги тариф имтиёзлари қуйидагиларга нисбатан берилади:
1) халқаро йўналишда юклар, багаж ва йўловчилар ташишни амалга оширадиган транспорт воситаларига, шунингдек уларнинг йўлда қатнов вақтида, оралиқ тўхташ пунктларида бир маромда ишлаши учун зарур бўлган ёки транспорт воситаларида юз берган аварияларга (носозликларга) барҳам бериш учун божхона ҳудудидан ташқарида олинган моддий-техника таъминоти предметларига ва анжомларига, ёқилғига, озиқ-овқатга ва бошқа мол-мулкка;
2) Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасига, чет эл валютасига (нумизматика мақсадида ишлатиладиган валюта бундан мустасно), шунингдек қимматли қоғозларга;
3) денгизда ов билан банд бўлган Ўзбекистон Республикаси кемаларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси юридик ва жисмоний шахслари томонидан ижарага олинган (фрахт қилинган) кемаларнинг фаолиятини таъминлаш учун божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиладиган моддий-техника таъминоти предметларига ва анжомларига, ёқилғига, озиқ-овқатга ва бошқа мол-мулкка, шунингдек уларнинг божхона ҳудудига олиб кириладиган ов маҳсулотига;
4) давлат мулкига айлантирилиши лозим бўлган товарларга;
5) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда инсонпарварлик ёрдами сифатида олиб кириладиган товарларга;
6) давлатлар, ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ташкилотлар ва шахслар йўналишлари бўйича хайрия ёрдами мақсадларида, шу жумладан техник ёрдам кўрсатиш (грантлар) учун олиб кириладиган товарларга;
(297-модда иккинчи қисмининг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 февралдаги ЎРҚ-748-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2022 й., 03/22/748/0086-сон — 2022 йил 3 майдан кучга киради)
7) учинчи давлатлар учун мўлжалланган ва божхона назорати остида божхона ҳудудидан божхона транзити божхона режимида олиб ўтиладиган товарларга;
8) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича тўлиқ ёки қисман халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан Ўзбекистон Республикасида амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида юридик шахслар томонидан олинадиган товарларга;
(297-модда иккинчи қисмининг 8-банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 февралдаги ЎРҚ-748-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2022 й., 03/22/748/0086-сон — 2022 йил 3 майдан кучга киради)
Бунда Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан сотиб олинадиган товарлар бўйича имтиёзлар қўлланилмайди.
(297-модда иккинчи қисмининг 8-банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 26 июлдаги ЎРҚ-785-сонли Қонунига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.07.2022 й., 03/22/785/0679-сон — тижорат банклари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида 2022 йил 1 майдан кейин янгитдан тузиладиган битимлар (расмийлаштириш шакли ва усулидан қатъи назар) асосида сотиб олинадиган товарларга (хизматларга) нисбатан татбиқ этилади)
(297-модда иккинчи қисмининг 9-банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-812-сонли Қонунига асосан 2023 йил 1 апрелдан чиқарилади — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.12.2022 й., 03/22/812/1145-сон)
10) чет эллик инвесторлар, чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий равишда яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун божхона ҳудудига олиб кириладиган мол-мулкка;
11) Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига умумий суммаси эллик миллион АҚШ доллари эквивалентидан ортиқ бўлган тўғридан-тўғри инвестицияни амалга оширган чет эллик юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга, башарти олиб кирилаётган товарлар уларнинг ўз ишлаб чиқариш маҳсулоти бўлса;
12) маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишлар олиб бориш учун мўлжалланган ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган чет эллик инвестор ёки бошқа шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга, шунингдек инвестор томонидан божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган, маҳсулот тақсимотига оид битимга мувофиқ инвесторга тегишли бўлган маҳсулотга;
13) Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган, тасдиқланган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналарга;
(297-модда иккинчи қисмининг 13-банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 февралдаги ЎРҚ-748-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2022 й., 03/22/748/0086-сон — 2022 йил 3 майдан кучга киради)
14) махсус ваколатли давлат органининг ёзма шаклдаги тасдиғи бўлган тақдирда, телекоммуникациялар операторлари ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларини сертификатлаштириш бўйича махсус орган томонидан олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларига;
(297-модда иккинчи қисмининг 14-банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 ноябрдаги ЎРҚ-992-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.11.2024 й., 03/24/992/0895-сон)
14¹) махсус ваколатли давлат органи томонидан олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари;
(297-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 ноябрдаги ЎРҚ-992-сонли Қонунига асосан 14¹-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.11.2024 й., 03/24/992/0895-сон)
15) Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, олимпия ҳамда паралимпия спорт турлари бўйича федерациялар (ассоциациялар) таклифлари асосида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан шакллантириладиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича давлат ҳамда нодавлат спорт-таълим ташкилотлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун хориждан импорт қилинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган махсус спорт кийим-бошлари (экипировкалари), пойабзал, спорт анжомлари, жиҳозлари ва ускуналари учун белгиланган божхона божи ставкасининг эллик фоизига;
(297-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-890-сонли Қонунига асосан 15-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2023 й., 03/23/890/0981-сон)
16) товарларни қайта ишлашда ҳосил бўладиган чиқиндиларни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилганда.
(297-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги ЎРҚ-913-сонли Қонунига асосан 16-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.02.2024 й., 03/24/913/0158-сон — 2024 йил 28 майдан кучга киради)