Ортиқча тўланган ёки ундирилган, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилган божхона тўловларининг суммалари қуйидаги ҳолларда дастлабки пул маблағлари ҳисобига ўтказилади ёки божхона органлари томонидан тўловчига қайтариб берилади:
товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритилиши муносабати билан божхона тўловлари суммалари қайта ҳисобланганда;
агар божхона режими шартларида илгари тўланган божхона тўловлари суммаларини қайтариш назарда тутилган бўлса;
агар товарнинг божхона тўловларини тўлаш уларни ҳисоблаб чиқаришнинг белгиланган тартибини бузган ҳолда амалга оширилган бўлса;
божхона тўловларининг ставкалари ўзгарган бўлса;
божхона ҳудудига олиб кирилган товарга нисбатан божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёз тикланган бўлса;
агар божхона тўловлари тўланган товарлар божхона назорати остида йўқ қилиниши лозим бўлса;
эгаси божхона органи бўлган божхона омбори тугатилиши муносабати билан товарлар берилаётганда сақлаш учун тўланган божхона йиғимлари суммаларининг бир қисми қайтарилганда;
божхона тўловларини ҳисоблашда ортиқча тўловга олиб келган техник хатоликлар аниқланганда.
Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳолларда ҳам қайтариб берилиши мумкин.
(354-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Божхона органининг хатоси туфайли ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари суммаларини қайтариш устувор тартибда амалга оширилади.
(354-модда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги ЎРҚ-913-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.02.2024 й., 03/24/913/0158-сон — 2024 йил 28 майдан кучга киради)