Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатнинг тақдим этилмаганлиги товарни чиқариб юборишни рад этиш учун асос бўлмайди.
Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлмаганда ёки ушбу сертификатнинг ва (ёки) унда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа туғилганда товарга нисбатан ушбу Кодекснинг 300¹-моддасида белгиланган қўшимча божхона божи қўлланилади, бундан ушбу Кодекснинг 365-моддасида назарда тутилган ҳол мустасно.
(366-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 27 ноябрдаги ЎРҚ-1097-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.11.2025 й., 03/25/1097/1099-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 28 февраль)
Товарлар божхона тўловлари тўланишини назарда тутувчи божхона режимига жойлаштирилган санадан эътиборан бир йилдан кечиктирмай божхона органига лозим даражада расмийлаштирилган келиб чиқиш тўғрисидаги сертификат тақдим этилган тақдирда товарларга энг кўп қулайлик бериш режими ёки эркин савдо режими қўлланилиши ёки қайта тикланиши мумкин. Бундай ҳолда божхона тўловларининг тўланган суммаларини қайтариш ушбу Кодекснинг 49-бобига мувофиқ амалга оширилади.