Товарни божхона ҳудудида қайта ишлашга қуйидаги талабларга ва шартларга риоя этилган ҳолда йўл қўйилади:

олиб кирилган товарни уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш;

қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини белгилаш;

товарларнинг божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини қўллашга доир тақиқлар ва чекловлар остига тушиб қолишини истисно этиш;

олиб кирилган товар учун ушбу Кодекснинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланишини таъминлаш, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш операцияларининг ушбу Кодекснинг 71-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши.

(72-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 февралдаги ЎРҚ-748-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2022 й., 03/22/748/0086-сон — 2022 йил 3 майдан кучга киради)

Қайта ишлаш жараёни техник-иқтисодий асосларининг кўрсаткичлари ёки идентификациялаш усули ёхуд қайта ишлаш маҳсулотларнинг чиқиш нормаси ўзгарган тақдирда, товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномасини бериш тўғрисида янги ариза берилиши керак. Бунда юридик шахс ўзгартирилганлиги, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганлиги, жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарганлиги сабабли контракт (шартнома, келишув) шартлари ўзгарган тақдирда, янги ариза бериш талаб этилмайди.

(72-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 февралдаги ЎРҚ-748-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2022 й., 03/22/748/0086-сон — 2022 йил 3 майдан кучга киради)

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай манфаатдор шахси томонидан, шу жумладан товарнинг эгаси бўлмаган ёки бевосита товарни қайта ишлаш операцияларини бажармайдиган шахс томонидан амалга оширилиши мумкин.