Божхона ҳудудида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси, агар ушбу нормалар белгиланган тартибда тасдиқланмаган бўлса, товарни қайта ишлаш амалга ошириладиган ҳақиқий шароитлардан келиб чиққан ҳолда, ваколатли шахс томонидан аниқланади ва тасдиқланади, шунингдек товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномаси берилаётганда божхона органи томонидан белгиланади.

Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси белгиланаётганда божхона органлари ваколатли шахс тақдим этган қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжатларга ҳамда қайта ишлашнинг аниқ технологик жараёнига асосланади.

Ваколатли шахс қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини аниқлашда давлат органларининг ва (ёки) ваколатли органларнинг хулосаларига асосланиши мумкин.

Қайта ишлаш маҳсулотларининг тавсифи, миқдори, сифати қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси аниқланганидан кейин белгиланади.

(76-модда Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 февралдаги ЎРҚ-748-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2022 й., 03/22/748/0086-сон — 2022 йил 3 майдан кучга киради)