Тегишли маъмурий-ҳудудий бирликлар ҳудудида шакллантириладиган ва юқори турувчи бюджетга ўтказиладиган даромадлар улар қайси маъмурий-ҳудудий бирликда шакллантирилган бўлса, ўша маъмурий-ҳудудий бирлик бюджетига ўтказиб берилиши мумкин.
Ўтказиб бериладиган даромадларнинг умумий ҳажми:
Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қуйи турувчи бюджетларга — Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинаётганда;
(136-модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-660-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/660/1682-сон)
Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисидаги қарорлар қабул қилинаётганда тасдиқланади.
(136-модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-660-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/660/1682-сон)
Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қуйи турувчи бюджетларга тушумлари ўтказиб бериладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳамда улар томонидан тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг турлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси билан биргаликда тасдиқланади.
(136-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига тушумлари ўтказиб бериладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳамда улар томонидан тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг турлари рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармалари билан биргаликда тасдиқланади.
(136-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)
Юқори турувчи бюджетдан қуйи турувчи бюджетга ўтказиб бериладиган даромадларнинг суммаси тегишли қуйи турувчи бюджетга тушиши лозим бўлган даромадлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Ўтказиб бериладиган даромадларни ўтказиш улар бўйича ҳақиқатда тушган тушумлар доирасида, бироқ уларнинг тасдиқланган ҳажмидан ортиқ бўлмаган миқдорда амалга оширилади.