Қуйидагилар нотариал тасдиқланган ишончномаларга тенглаштирилади:
госпиталларда, санаторийларда ва бошқа ҳарбий-даволаш муассасаларида даволанаётган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда бошқа шахсларнинг шу муассасаларнинг бошлиқлари, уларнинг тиббий қисм бўйича ўринбосарлари, катта ва навбатчи шифокорлари томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;
ҳарбий хизматчиларнинг, ҳарбий қисмлар, қўшилмалар, муассасалар ҳамда ҳарбий ўқув юртлари жойлашган, нотариал идоралар ва нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа органлар бўлмаган пунктларда эса — ишчи ва хизматчиларнинг, улар оилаларининг ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг шу қисм, қўшилма, муассаса ва ўқув юртларининг командирлари (бошлиқлари) томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;
озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлган ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно.
(136-модданинг иккинчи, учинчи, тўртинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 27 сентябрдаги ЎРҚ-56-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 39-сон, 385-модда)
тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг банк картасини тиклаш учун тижорат банкларига мурожаат қилиш тўғрисида «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази директори томонидан тасдиқланган ишончномалари.
(136-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-1175-сонли Қонунига асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2026 й., 03/26/1175/0921-сон)