Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризага ушбу Кодекс 151-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари қуйидагилар илова қилинади:
1) фаолиятни тугатиш, атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш тўғрисидаги аризага — таъсис ҳужжатларининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхалари; юридик шахс ёки фуқаро томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилганлигини тасдиқловчи, фаолиятни тугатиш, атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш учун асос бўладиган далиллар;
2) фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш тўғрисидаги аризага — таъсис ҳужжатларининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхалари; юридик шахс ёки фуқаро томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилганлигини тасдиқловчи, фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш учун асос бўладиган далиллар;
3) банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги аризага — солиқ тўловчи томонидан банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш учун асос бўладиган қонун талаблари бузилганлигини тасдиқловчи далил, солиқ органи томонидан солиқ тўловчига унинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатиб турилиши тўғрисида хабарнома юборилганлигининг далили, солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги солиқ органининг қарори юзасидан билдирган эътирози;
(219-модда биринчи қисмининг 3-банди Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 20 октябрдаги ЎРҚ-1183-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.10.2026 й., 03/26/1183/1051-сон)
4) молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги аризага — текшириш ўтказилишига асос бўлган ҳужжатлар (назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг қарори, бундан шундай қарорни олиш қонунчиликда назарда тутилмаган ҳоллар мустасно; агар текшириш жиноят иши доирасида ўтказилса, тергов органининг (суриштирув органининг) қарори; текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқ; текшириш ўтказиш режаси ва ҳоказо); текшириш натижалари бўйича тузилган далолатнома ёки бошқа ҳужжат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар; текшириш материалларини кўриб чиқиш баённомаси ва қарор, агар уларни тузиш ёки қабул қилиш қонунчиликда назарда тутилган бўлса; қарорнинг кўчирма нусхаси жавобгарга топширилганлиги ёки юборилганлиги далили;
(219-модданинг 4-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
5) тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензияларнинг (рухсатномаларнинг) амал қилишини ўн кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ёки хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни (ҳаракатни) тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш тўғрисидаги аризага — лицензиянинг (рухсатноманинг) тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхалари; норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари ва лицензиянинг (рухсатноманинг) амал қилишини тўхтатиб туриш, хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни (ҳаракатни) тугатиш ва (ёки) лицензияни (рухсатномани) бекор қилиш учун асос бўладиган тарзда юридик шахс ёки фуқаро томонидан бузилганлигини тасдиқловчи далил.
(219-модданинг 5-банди Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 5 февралдаги ЎРҚ-1117-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.02.2026 й., 03/26/1117/0116-сон)