Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 21-бобида белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади.
Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича суд ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисида ёки билдирилган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисида билдирилган талаб қаноатлантирилган тақдирда, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилган шахснинг номи;
2) ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш учун асос бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;
3) қўлланилган ҳуқуқий таъсир чорасининг тури, молиявий жазо чораси қўлланилган тақдирда эса — унинг миқдори; зиммасига молиявий жазо чораси суммасини ундириш юклатилган назорат қилувчи органнинг номи;
4) фаолият чекланадиган, тўхтатиб туриладиган ва тақиқланадиган муддат; лицензиянинг (рухсатноманинг) амал қилиши тўхтатиб туриладиган муддат; амал қилиши тўхтатиб турилган лицензиянинг (рухсатноманинг), шунингдек бекор қилинган лицензиянинг (рухсатноманинг) ҳамда тугатилган, хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият (ҳаракат) учун олинган тасдиқноманинг номи, рақами, берилган санаси ва бошқа реквизитлари ҳақидаги ҳамда лицензияни (рухсатномани) берган, хабардор қилинган орган тўғрисидаги маълумотлар; фаолият қандай шартлар бажарилгунига қадар чекланаётганлиги, тўхтатиб турилаётганлиги ва тақиқланаётганлиги; банклардаги ҳисобварақлар бўйича операциялар қандай шартлар бажарилгунига қадар тўхтатиб турилганлиги.
(222-модда учинчи қисмининг 4-банди Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 20 октябрдаги ЎРҚ-1183-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.10.2026 й., 03/26/1183/1051-сон)
Суднинг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, у қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.
Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда суднинг ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин уч иш куни ичида суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади ёки тилхат олиб топширилади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса ҳал қилув қарори электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.