Арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар жумласига «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган қуйидаги аризалар бўйича ишлар киради:

1) арбитрни тайинлаш тўғрисидаги;

2) арбитрни рад этишни қаноатлантириш ҳақидаги;

3) арбитр ваколатларининг амал қилишини тугатиш хусусида қарор қабул қилиш тўғрисидаги;

4) арбитраж судининг юрисдикцияси масаласи юзасидан қарорлар қабул қилиш ҳақидаги;

5) таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги;

6) таъминлаш чораларини кўриш ҳақидаги;

7) далилларни олишга кўмаклашиш тўғрисидаги;

8) арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақидаги;

9) арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги.

Ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган ишлар иқтисодий судлар томонидан иқтисодий суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича ушбу Кодекснинг 29¹-бобида кўрсатилган ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда кўриб чиқилади.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1 — 4, 7 ва 8-бандларида санаб ўтилган ишлар иқтисодий судлар томонидан фақат, агар арбитраж жойи Ўзбекистон Республикасида жойлашган бўлса, кўриб чиқилади.

(28¹-модда Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 16 майдаги ЎРҚ-769-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.05.2022 й., 03/22/769/0421-сон)