Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги ушбу Кодекснинг 102¹-моддасида назарда тутилган комиссия томонидан ҳар чорак якунларига кўра қуйидаги мезонлардан бири асосида белгиланади:
маҳкумнинг меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши, белгиланган меҳнат нормаларини бажариши, онгли равишда мустақил ишлаш кўникмаларининг шаклланганлиги, ўқишга ва касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқиши;
маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлардаги иштироки, унинг ташаббуси, бошқа маҳкумларга ибрат бўлишга интилиши;
маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасасида ўрнатилган ички тартиб-қоидаларига риоя этиши, маҳкумга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилганлиги, унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилмаганлиги;
Маҳкумни тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаган деб топиш тўғрисидаги хулоса комиссия томонидан расмийлаштирилади ва маҳкумнинг шахсий йиғмажилдига қўшиб қўйилади.
Комиссия томонидан тузалиш йўлига ўтмаган деб топилган маҳкумлар билан тарбиявий-профилактика ишлари муассаса психологини жалб этган ҳолда алоҳида режа асосида амалга оширилади.
Тузалиш йўлига ўтмаган деб топилган маҳкум комиссиянинг хулосаси устидан ушбу Кодекснинг 107-моддасида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.
(97¹-модда Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 15 февралдаги ЎРҚ-817-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.02.2023 й., 03/23/817/0091-сон)