Процессуал чиқимлар:
1) жабрланувчиларга ва уларнинг вакилларига, гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга, холисларга уларнинг процессуал ҳаракатлар ўтказиладиган жойга келиб кетиш, турар жойни ижарага олиш харажатларини қоплаш учун, шунингдек суткалик харажат пули тариқасида бериладиган суммадан;
2) доимий иш ҳақи олмайдиган жабрланувчиларга ва уларнинг вакилларига, гувоҳларга, холисларга уларни одатдаги машғулотидан чалғитганлик учун тўланадиган суммадан;
3) экспертларга, таржимонларга, мутахассисларга улар суриштирув, дастлабки тергов ёки судда ўз вазифаларини бажарганлиги учун тўланадиган ҳақдан, ана шу вазифалар хизмат топшириғи тартибида бажарилган ҳоллар бундан мустасно;
4) ушбу Кодекснинг 50-моддасига мувофиқ судланувчи тўловдан озод қилинган тақдирда юридик ёрдам кўрсатганлик учун ҳимоячига тўланадиган ҳақдан;
5) ашёвий далилларни сақлаш ва жўнатиш билан боғлиқ харажатлар суммасидан;
6) экспертиза муассасаларида экспертиза ўтказиш учун сарфланган суммадан;
7) шахсларни ушлаш, мажбурий келтириш ва қидириш учун қилинган харажатлардан;
7¹) суриштирув, дастлабки тергов ёки суд мажлисини видеоконференцалоқадан фойдаланган ҳолда ўтказиш чоғида қилинган харажатлардан;
(318-модда биринчи қисмининг 7¹-банди Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 23 майдаги ЎРҚ-542-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2019 й., 03/19/542/3177-сон)
8) жиноят ишини юритишда қилинган бошқа харажатлардан иборат бўлади.
Ушбу модданинг 1, 2, 3, 4 ва 7¹-бандларида кўрсатилган суммалар суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажримига мувофиқ бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади.
(318-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон)